1 декабрь куни Ёшлар ижод саройида Халқаро ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган акция бўлиб ўтди. Акция доирасида давлат, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари чиқишлари, фотоэкспозиция ҳамда ОИТС/ОИТВ соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларнинг касалликни профилактика қилиш борасидаги ахборот материаллари кўргазмаси, мавзуга оид роликлар ҳамда ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.
Ташкилотчилар: Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди (ИТҚФ), Фонд Форум, БМТ Тараққиёт дастури/Глобал фонд, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, UNFPA, UNAIDSнинг юртимиздаги ваколатхоналари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари.
Ушбу акцияда “Келажак овози” ЁТМ фаоллари, ўқувчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, юртимиздаги нодавлат ташкилотлар, Республика ОИТС маркази ходимлари, жами 400 га яқин киши иштирок этди.
Стефан Лиллер, Ўзбекистондаги БМТ ТД дастурий масалалар бўйича доимий вакили маслаҳатчиси:
- Кўплаб фаол ёшлар ташриф буюрганини кўриб қувондим. БМТ Тараққиёт дастури ОИТСга қарши кураш ва жамиятнинг бохабарлигини оширишга қаратилган бундай акцияларни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келади. Ўзбекистонда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолаймиз. Шу ўринда юртингиздаги нодавлат ташкилотлар, хусусан, Фонд Форум, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан олиб борилаётган ишларнинг ўз самарасини бераётганини таъкидлаб ўтишни истардим.
Халқаро ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган акциялар юртимизда 2007 йилдан бери олиб борилмоқда. Акция, шунингдек, ОИТС/ОИТВ билан яшаётган инсонларга нисбатан толерант муносабатни шакллантириш зарурлигини уқтиради. Барча тушуниш, қўмак, қўллаб-қувватланиш ва парваришланишга ҳақли. ОИТС билан яшаётганлар ҳам шулар жумласидан. Тадбир Орттирилган иммунитет танқислиги вируси тарқалиши муаммосига эътибор қаратиш ва фуқароларнинг ўзи ҳамда яқинлари соғлиғига масъулияти даражасини ошириш мақсадини кўзлаган.
Дэни Аво, Ўзбекистондаги UNAIDS координатори:
- Ушбу кунда касаликка дучор бўлганлар ҳақида қайғуришимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз даркор. Ҳар биримиз ОИТС ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз, уларни яқинларимиз, дўстларимиз,қариндош-уруғларимиз билан ўртоқлашишимиз ва бу орқали ўзимизни хавф-хатардан асрашимиш даркор. Ушбу касалликка қарши курашаётганларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Ўзбекистонда ушбу соҳада самарали фаолият олиб борилаётгани, бу йўлда кўмаклашаётган ёшлар борлиги одамни қувонтиради.
Халқаро ОИТСга қарши кураш куни ушбу соҳада ҳамкорликда фаолият юритаётган давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар эришган ютуқларни муҳокама қилиш ва келгуси ҳамкорлик режаларини тузишнинг ўзига хос майдонига айланди. Мазкур тадбир ушбу офат ва унга қарши кураш масалаларида эришилаётган ютуқларга жамоат эътиборини қаратди.
