[3.12.2011] Доим ҳурмат ва эътиборда

Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ва Ўзбекистон Миллий паралимпия ссоциацияси 3 декабрь куни Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб катта концерт дастури тақдим этди. Халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган имконияти чекланган спортчилар, Тошкент шаҳрида жойлашган махсус мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари, ота-оналар, спорт ҳамда соғлиқни сақлаш соҳалари вазирлик ва идоралари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари тадбирга таклиф этилди. Улар учун кўплаб совғалар тайёрлаб қўйилган эди.

Концерт бошланишидан аввал ИТҚФ “Мактабда сут” лойиҳаси доирасида юртимиздаги “ТетраПак” ҳамда “Пойтахт Боттлерс” компаниялари билан ҳамкорликда барча иштирокчиларга қоғиз қутиларда сут тақдим эди. Ушбу лойиҳа ИТҚФ ва “ТетраПак” компанияси билан ҳамкорлида 2010 йилдан бери амалга оширилмоқда.

Концертда Зулайҳо Бойхонова, Зиёда, Ойбек ва Нигора, Рухшона, Ҳосила Раҳимова, Равшан Комилов, Шуҳрат Қаюмов, Ғиёс Бойтоев, Дилдора Ниёзова, Валижон Шамсиев, Шароф Муқимов, Лола Аҳмедова, Гулсанам Мамазоитова, Наргиза Мақулова, Умар Шамсиев сингари эстрада юлдузлари, “Сабо” ва “Марварид” ансамбллари иштирок этишди.

Сардор Раҳимхон, хонанда:

- Ушбу концертда иштирок этаётганимдан баҳтиёрман. Ижодим билан болажонларни қўллаб-қувватлагим келди. Улар учун маънавий, руҳий кўмак муҳим. Концерт нима бўлганда ҳам биз ҳаммамиз баҳамжиҳат эканлигимизни намойиш этиш учун ажойиб имконият бўлди. Залда жаҳон саҳналарида юксак муваффақиятларга эришган спортчилар ҳам бор эди. Соғлом спортчилардан қолишмай, улар кўплаб медалларни қўлга киритишмоқда. Хулоса эса битта - ҳар доим комиллик сари интилавериш керак.

Наима Светличная, Ўзбекистон Махсус Олимпиадаси аъзоси:

- Интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бор болалар билан ишлаймиз. Улар алоҳида ёндошув, алоҳида муносабатга муҳтождир. Улардан ҳаётдан баҳра олиш қувонишни ўрганмоғимиз керак. Муаммолар, ноқулайликларга қарамасдан, улар ҳар қандай совға, учрашувлардан қувонишни билишади. Хонандаларга концерт учун катта раҳмат. Болаларимиз учун бу қувонч. Ушбу концерт мусобақалар олдидан спортчиларимизга кўтаринки кайфият бағишлайди.

Концерт дастури доирасида иккита номинация бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 2011 йилда турли мусобақаларда олтин медалларга сазовор бўлган, 2010 йил декабрь ойида Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган ёзги Параосиё ўйинлари совриндори Дониёр Солиев йилнинг энг яхши ёш спортчиси, дея эътироф этилди. Турли турнирлар ғолиби, жумладан, 2009 йилда Хитой Тайпейида ўтказилган Дефлимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Даврон Хидиров йилнинг энг яхши спортчиси, деб топилди. Шуниндек, юртимизнинг машҳур паралимпия ўйинчилари дастхати туширилган 4 та тўп мухлислар ўртасида ўйналди.

Таэквондочи Даврон Хидиров, йилнинг энг яхши спортчиси:

- Мени энг яхши спортчи дея эътироф этганларидан бошим осмонги етди. Бу мен сингари таэквондо билан шуғулланишни бошлаган ёшлар учун ҳам катта шараф, деб биламан. Ҳатто соғлом болалар учун ўзгаришлар билан тўла дунёга мослашиш жуда қийин. Таэнвондога спорт тури сифатида асос солган Чхве Хон Хининг таъкидлашича, “Таэквондо маънавий машғулотлар ва қуролсиз ўз-ўзини ҳимоя қилиш техникасидир”. Ўз йўлини топа олмаётган болалар учун маънавий ва руҳий машғулотларнинг аҳамияти катта, деб ҳисоблайман. Жисмоний имкониятлари чекланган болаларга кўмак кўрсатиб келаётган Фонд Форум ҳамда Миллий паралимпия ассоциациясига миннатдорлик билдираман.

Зал тўла мухлислар артистлар ҳамда ғолиб спортчиларни қарсаклар билан олқишлаб турди. Ушбу кеча Ўзбекистонда имкониятлари чекланганлар ҳар доим ҳурмат ва эътиборда экани, уларга доим ғамхўрлик кўрсатилишини яна бир бор исботлади. Ушбу инсонлар учун энг асосий совға ҳам шу. Ўзини жамиятнинг бир қисми, деб ҳис этиш, мамлакат ривожига ўзининг ҳиссасини қўшиши мумкинлигини анлашидир.

Рухшона, хонанда:

- Концерт юқори савияда ўтказилди. Залда ўтирганларнинг табассумини кўриш мен учун катта бахт. Фонд Форум имконияти чекланганларни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб акцияларни ўтказиб келмоқда. Қўшиқларим билан уларнинг кайфиятини кўтариш, Янги йил ва бошқа яқин байрамлар билан уларни қутлагим келди.

Насиба Холбоева, нафақахўр:

- Соғлиғида имконияти чекланганларга катта эътибор қаратилаётганидан кўксим фахр-ифтихор туйғуси билан тўлади. Ушбу ажойиб хайрия кечаси ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман. Ёши ўган сари инсони борига шукр қилиб яшашнинг қанчалик муҳим эканини англаб етаркан. Имконияти чекланганлар ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан қувона оладилар.

Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ушбу соҳада 2007 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. Ташкилот томонидан “Ўзбекистонда Инклюзив таълим” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида жамғарма Ўзбекистон Махсус Олимпиадаси билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга оширган. Булар: “Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафони доирасидаги “Birga bo’l! – So Get Into It! - Присоединяйся!” хайрия марш-марафони, Инклюзив таълимнинг ижтимоий тамойиллари” мавзусида халқаро анжумани ва бошқалар. 2011 йил март ойида жамғарма қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ногирон ва имконияти чекланган спортчилар шарафига Наврўз байрамига бағишланган концерт ташкил этган эди.

Давлат органлари, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги ва кўмаги билан имконияти чекланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича сезиларли натижаларга эришилмоқда, спорт ва мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироклари орқали уларнинг интеграциялашув жараёни жадал суръатларда давом этмоқда, соғлом турмуш тмарзи тарғиб этилиб, жамиятда шаклланган стереотипларга қарши кураш олиб борилиб, толерант муносабат ўрнатилмоқда

Фонд Форум, ИТҚФ, “Аёллар кенгаши” РЖБ имкониятларни чекланган спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун 2011 йилда эътироф сертификатлари билан тақдирланган эди.

 

Видео: World Business бошқа видеолар »