Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таьлим - тенг хуқуклил

Ижтимоий Ташаббусларни қўллаб-қўвватлаш Фондида айнан шу хулосага келинди, шунинг учун ҳам 2007 йил январ ойида Ўзбекистонда узлуксиз инклюзив таълимнинг миллий моделини ишлаб чиқиш ва уни татбиқ этиш борасидаги «Доступност» коалициясининг ташаббуси Фонд томонидан қувватланди.
Шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида имконияти чекланган шахслар ўз салоҳиятларини намоён қилишлари учун тенг имконият ва ҳуқуқлар белгилаб берилган. Ҳар бир фуқаронинг таълим олиш ҳуқуқи эса Конституцияда кафолатланган. Бироқ, республикамизда ҳали ҳам мактабга бормайдиган болалар йўқ эмас, бошқача қилиб айтганда ўрта таълим муассасаларига қатнамайдиган «таълим олмаган» болалар мавжуд. Ахир уларнинг таълим олиш ҳуқуқини саломатлигининг заифлиги билан чеклаб бўлмайди-ку. Фонднинг лойиҳалари айнан имконияти чекланган болаларнинг таълим олиш муаммосини ҳал этишга ва бунда инклюзив таълим бериш усулидан фойдаланишга қаратилган. Бундай услуб ўқувчиларнинг эҳтиёжларини қондириш учун таълим тизимини мувофиқлаштиришни назарда тутади.
Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш учун яна бир туртки бўлиб, «Махсус Олимпиада» Республика ўйинлари доирасида айнан шундай номланган Бухорода бўлиб ўтган Марказий Осиё Форуми ҳисобланади. Форумнинг иштирокчилари сифатида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 100 дан зиёд вакиллар, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва Европа Иттифоқи вакилларини келтириш мумкин. Улар инклюзив таълимнинг турли намуналарини тақдим этиб, ўзаро тажриба алмашдилар ва Марказий Осиёдаги келгуси ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Бу каби тадбирни ўтказиш ИТҚФнинг таълим соҳасидаги дастлабки лойиҳасини самарали амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этди. Ўша даврда Навоий, Термиз, Қарши, Жиззах, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида 6-та инклюзив болалар боғчаси ва 6-та инклюзив мактаблар очилиб, у ерда ҳозирга қадар имконияти чекланган болалар ўз тенгдошлари билан тенг асосда таълим олмоқдалар. 
Лойиҳанинг муваффақиятли ривожланишида ахборот ва маърифат ишлари алоҳида аҳамият касб этди, бундай тадбирлар жамоатни тайёрлаш, янада муҳимроғи, имконияти чекланган фарзандлари бошқа тенгдошлар билан биргаликда таълим оладиган ота-оналарни тайёрлашга йўналтирилган эди. Лойиҳа доирасида 18 кишидан иборат тренер-маслаҳатчилар гуруҳи тузилиб, улар имконияти чекланган болаларнинг жамиятга интеграциялашуви имкон қадар осонроқ кечиши мақсадида ота-оналар, болалар ва ўқитувчилар учун семинарлар ўтказиб, зарур маслаҳатларни бердилар. Машғулотлар давомида қўлланилган махсус инклюзив таълим услубияти ва ҳар бир бола учун тузилган алоҳида ёндашувлар натижасида, ота-оналар ўз фарзандларининг ва бошқа имконияти чекланган болаларда рўй берган ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдилар. Самарқандлик 2-синф ўқувчисининг онаси М.Ташпулатованинг фикрича: «Нафақат иқтидорли, балки бир маънода заиф болаларнинг ижодий ривожланиши учун берилган имкониятлар шаҳримизнинг ҳеч бир бошқа мактабида мавжуд эмас».     
Лойиҳа устида ишлаш даврида инклюзив таълимнинг миллий моделини яратиш ва уни кейинчалик мактабгача ва кичик мактаб ёшдаги таълим тизимига жорий этиш ғояси юзага келди. Бунинг учун ҳозирги вақтнинг ўзида Навоий, Термиз, Қарши, Жиззах, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида 12 та аралаш гуруҳлар ва синфлар тузилди. Бенефициарлар сони ҳам ортди. Аввалда улар 1200 ни ташкил этган бўлса, ҳозирда эса уларнинг сони 6000 га етди. Лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири махсус вазифаларни ҳал этишга йўналтирилади: мақсадли болалар муассасалари ва мактабларни излашдан бошлаб то биноларнинг қурилиши учун донор ва ҳомийларни излаш жараёнига қадар. Бинолар махсус қулайликларга эга бўлиши, қулай пандус, тутқичлар ва ҳ.к.лар билан таъминланган бўлиши лозим. 
Ижтимоий Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Фондининг Бошқаруви Раиси Баҳодир Умарханов лойиҳа ривожини баҳолаб, бир ўқув йили давомида инклюзив болалар боғчаси ва мактаблардаги болалар сони икки баробар ортганини таъкидлади.
Бу эса шундан далолат берадики, аввалига лойиҳада иштирок этмаган ота-оналар бошқа имконияти чекланган болаларнинг ўқишдаги ижобий ўзгаришларини кузатиб, унинг муваффақиятли эканлигига ишонч ҳосил қилиб, ундан сўнггина фарзандларини бундай боғчалар ва мактабларга олиб келганлар. «Инклюзив таълимнинг афзаллиги, менинг фикримча, болалар ўз тенгдошлари билан ёнма-ён ўқиб, тўлақонли ҳаёт кечиришидадир. Бу эса - жамиятга ўз фойдаси тегиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган кишининг салоҳияти тўлалигича намоён бўлишининг кафолати, - деб таъкидлайди Б.Умарханов.

Видео: World Business бошқа видеолар »